ИККИНЧИ БЎЛИМ. ИНСОН ВА ФУҚАРОНИНГ АСОСИЙҲУҚУҚЛАРИ, ЭРКИНЛИКЛАРИ ВА БУРЧЛАРИ

V боб. Умумий қоидалар
19-модда.
Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари
халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу
Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади. Инсон ҳуқуқ
ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади.
Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ
ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди,
ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида
тенгдирлар.
Имтиёзлар фақат қонунга мувофиқ белгиланади ва ижтимоий адолат
принципларига мос бўлиши шарт.
20-модда.
Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан
ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқдир.
Инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ
ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга
ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.
6
Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг
ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг
ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари
фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди.
Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган
ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши
ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли
бўлиши керак.
Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага
келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон
фойдасига талқин этилади.
21-модда.
Ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга.
Ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият
юклатилиши мумкин эмас.
Инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа
шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари
ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шарт.
Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ ва фақат
конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни,
бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат
хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур
бўлган доирада чекланиши мумкин.
VI боб. Фуқаролик
22-модда.
Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона фуқаролик
ўрнатилади.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги, унга қандай асосларда
эга бўлганликдан қатъи назар, ҳамма учун тенгдир.
Қорақалпоғистон Республикасининг фуқароси айни вақтда
Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади.
Фуқароликка эга бўлиш ва уни йўқотиш асослари ҳамда тартиби
қонун билан белгиланади.
23-модда.
Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида
ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни
кафолатлайди.
Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий
чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмас.
Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб
қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига
мувофиқ ғамхўрлик қилади.
7
24-модда.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқароларининг
ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро
ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланади. Улар Ўзбекистон
Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва халқаро шартномалари
билан белгиланган бурчларни адо этадилар.
VII боб. Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар
25-модда.
Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир ва у қонун
билан муҳофаза қилинади. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир
жиноятдир.
Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади.
26-модда.
Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни
камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас.
Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз,
ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд
жазога дучор этилиши мумкин эмас.
Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ва илмий тажрибалар
ўтказилиши мумкин эмас.
27-модда.
Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга.
Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб
турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги
бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас.
Ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг
қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан
ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас.
Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари
ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт.
28-модда.
Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда
назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан
исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан
аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланади. Айбланувчига ўзини ҳимоя қилиш
учун барча имкониятлар таъминланади.
Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш
имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг,
судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак.
8
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини
исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан
фойдаланиши мумкин.
Ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга
мажбур эмас.
Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил
бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас.
Озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний
муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни
ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга.
Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий
оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши
мумкин эмас.
29-модда.
Ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади.
Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан
кўрсатилади.
Ҳар бир шахс жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс
ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган
пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш
ҳуқуқига эга.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи айбловнинг моҳияти
ва асослари тўғрисида хабардор қилиниш, унга қарши ёки унинг фойдасига
гувоҳлик бераётган шахсларнинг сўроқ қилинишини талаб этиш, таржимон
ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга
ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Жиноят учун ҳукм қилинган ҳар ким қонунда белгиланган тартибда
ҳукмнинг юқори турувчи суд томонидан қайта кўриб чиқилиши ҳуқуқига,
шунингдек афв этиш ёки жазони енгиллаштириш тўғрисида илтимос қилиш
ҳуқуқига эга.
Ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳуқуқлари қонун билан
муҳофаза қилинади. Давлат жабрланганларга ҳимояланишни ва одил
судловдан фойдаланишни таъминлайди, уларга етказилган зарарнинг
ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратади.
30-модда.
Ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши,
жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум
этилиши мумкин эмас.
Ҳеч ким айни бир жиноят учун такроран ҳукм қилиниши мумкин
эмас.
9
31-модда.
Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий
сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон
ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг
чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан
йўл қўйилади.
Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши
ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида
қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай
қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга.
Ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши
кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни
ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда
ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга
мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
32-модда.
Қонуний асосларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган
ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини
танлаш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно.
Ҳар ким Ўзбекистондан ташқарига эркин чиқиш ҳуқуқига эга, бундан
қонунда белгиланган чекловлар мустасно. Ўзбекистон Республикаси
фуқароси Ўзбекистонга тўсқинликсиз қайтиш ҳуқуқига эга.
33-модда.
Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.
Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.
Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни
таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.
Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга
фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, аҳолининг
соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини
ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш,
шунингдек давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа
сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада
йўл қўйилади.
34-модда.
Давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи
бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари ҳар кимга ўз ҳуқуқлари
ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар
ва бошқа материаллар билан танишиш имкониятини таъминлаши шарт.
10
35-модда.
Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар ким хоҳлаган
динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга.
Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.
VIII боб. Сиёсий ҳуқуқлар
36-модда.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат
ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш
ҳуқуқига эга. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар
ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда шакллантириш,
шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назорати
воситасида амалга оширилади.
Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини
амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади.
37-модда.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда
тенг ҳуқуққа эгадирлар.
Давлат хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар қонун билан
белгиланади.
38-модда.
Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси
қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида
амалга ошириш ҳуқуқига эга. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи
назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ёки тақиқлаш
ҳуқуқига эга.
39-модда.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий
партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий
ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.
Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий
ҳаракатларда, шунингдек давлат ҳокимияти вакиллик органларида
озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари,
эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас.
40-модда.
Ҳар ким бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда давлат
органларига ҳамда ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш
органларига, мансабдор шахсларга ёки халқ вакилларига аризалар,
таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда
ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.
11
IX боб. Иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар
41-модда.
Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли.
Банк операцияларининг, омонатларнинг ва ҳисобварақларнинг
сир тутилиши, шунингдек мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади.
42-модда.
Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин
танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат
шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда
меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган
тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган
тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб
турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда
белгиланади.
Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул
қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш
тақиқланади.
43-модда.
Давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан
ҳимоя қилиш, шунингдек камбағалликни қисқартириш чораларини кўради.
Давлат фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини
ташкил этади ҳамда рағбатлантиради.
44-модда.
Суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан
ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий
меҳнат тақиқланади.
Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига,
ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг
таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади.
45-модда.
Ҳар ким дам олиш ҳуқуқига эга.
Ёлланиб ишловчиларга дам олиш ҳуқуқи иш вақтининг
давомийлигини, дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларини, ҳақ
тўланадиган ҳар йилги меҳнат таътилини белгилаш орқали таъминланади.
46-модда.
Ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда,
шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган
бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эга.
12
Қонунда белгиланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги
ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол
харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас.
47-модда.
Ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга.
Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум
этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг
қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган
ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши
таъминланади.
Давлат уй-жой қурилишини рағбатлантиради ва уй-жойга бўлган
ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратади.
Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой
билан таъминлаш тартиби қонун билан белгиланади.
48-модда.
Ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан
фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг
кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан
олишга ҳақли.
Давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат
шаклларини, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларини ривожлантириш,
аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш
чораларини кўради.
Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида
соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратади.
49-модда.
Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли
ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга.
Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-
муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида
шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш
учун шарт-шароитлар яратади.
Шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган
тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.
Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни
яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича
чора-тадбирларни амалга оширади.
Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш
ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан
ривожлантириш юзасидан чоралар кўради.
13
50-модда.
Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга.
Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари,
давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди.
Давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун
шарт-шароитлар яратади.
Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал
таълим олишни кафолатлайди. Умумий ўрта таълим мажбурийдир.
Мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат
назоратидадир.
Таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган
болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланади.
51-модда.
Фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат
ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли.
Олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик,
ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга.
52-модда.
Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият
ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш
ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш
ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.
Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш,
уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши
тўғрисида ғамхўрлик қилади.
53-модда.
Ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият
ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Интеллектуал мулк
қонун билан муҳофаза қилинади.
Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланиши
ҳақида ғамхўрлик қилади.
X боб. Инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари
54-модда.
Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий
мақсадидир.
Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда
мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди.
55-модда.
Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган
барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли.
14
Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш,
давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор
шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги
устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши
қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд
томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади.
Ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро
шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир
барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг
ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат
этишга ҳақли.
Ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг
қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли
етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга.
56-модда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқлари
ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини
тўлдиради, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари
маданиятини юксалтиришга кўмаклашади.
Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини
ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратади.
57-модда.
Меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар
ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг
ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир.
Давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг
турмуш сифатини оширишга, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок
этиши учун уларга шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг асосий
ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини
кенгайтиришга қаратилган чораларни кўради.
Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий
ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши
учун шарт-шароитлар яратади, уларнинг ишга жойлашишига, таълим
олишига кўмаклашади, уларга зарур бўлган ахборотни тўсқинликсиз олиш
имкониятини таъминлайди.
58-модда.
Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар.
Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини
бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида
тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди.
15
XI боб. Фуқароларнинг бурчлари
59-модда.
Барча фуқаролар Конституцияда белгилаб қўйилган бурчларини
бажарадилар.
60-модда.
Фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа
инсонларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини
ҳурмат қилишга мажбурдирлар.
61-модда.
Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий, маданий,
илмий ва табиий меросини асраб-авайлаши шарт.
Тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий мерос давлат
томонидан муҳофаза қилинади.
62-модда.
Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга
мажбурдирлар.
63-модда.
Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни
тўлаши шарт.
Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ҳамда фуқароларнинг
конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги
керак.
64-модда.
Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси
ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда
ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *