ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ СОЛИҚ КОДЕКСИ – 1-БОБ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси билан тартибга солинадиган муносабатлар

Ушбу Кодекс солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни белгилаш, жорий этиш, ҳисоблаб чиқариш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига (бундан буён матнда бюджет деб юритилади) ва давлат мақсадли жамғармаларига тўлаш билан боғлиқ муносабатларни, шунингдек солиқ мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.

2-модда. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Кодексдан ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ушбу Кодекс билан белгиланади, ўзгартирилади ёки бекор қилинади.

Солиқ солиш масалаларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу Кодекс қоидаларига мувофиқ бўлиши керак. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу Кодекснинг қоидаларига мувофиқ бўлмаган тақдирда, ушбу Кодекс қоидалари қўлланилади.

Солиқ солиш масалаларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжат қуйидаги ҳолларда ушбу Кодексга мувофиқ эмас деб топилади, агар ҳужжат:

1) ушбу Кодексга мувофиқ бундай ҳужжатни қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган орган томонидан қабул қилинган бўлса ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишнинг белгиланган тартиби бузилган ҳолда қабул қилинган бўлса;

2) солиқ муносабатлари субъектларининг ҳуқуқларини бекор қилса ёки чекласа, солиқ муносабатлари субъектларининг ушбу Кодексда белгиланган мажбуриятларининг мазмунини, улар ҳаракатларининг асослари, шартлари, кетма-кетлиги ёки тартибини ўзгартирса;

3) ушбу Кодекс билан тақиқланган ҳаракатларга рухсат берса ёки йўл қўйса;

4) ушбу Кодексда белгиланган тушунчалар мазмунини ўзгартирган ёки бу тушунчалар ушбу Кодексда қўлланилганидан бошқача маънода қўлланилган бўлса.

Ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлардан лоақал биттаси мавжуд бўлган тақдирда, солиқ солиш масалаларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ушбу Кодексга мувофиқ эмас деб топилади.

Ушбу Кодексга мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган ёки унинг юқори турувчи органлари мазкур ҳужжатни бекор қилишга ёки унга зарур ўзгартишлар киритишга ҳақли. Бу органлар ушбу Кодексга мувофиқ бўлмаган нормативҳуқуқий ҳужжатни бекор қилишни ёки унга зарур ўзгартишлар киритишни рад этган тақдирда, бу ҳужжат суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

3-модда. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг вақт бўйича амал қилиши

Солиқ солиш солиқ мажбуриятлари юзага келган пайтда амалда бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган муносабатларга нисбатан қўлланилади.

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни бекор қиладиган ёки енгиллаштирадиган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни бекор қилиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини камайтириш, солиқ тўловчиларнинг мажбуриятларини бекор қилишни ёки уларнинг аҳволини бошқача тарзда енгиллаштиришни назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга бўлиши мумкин, агар бу солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бўлса, ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Янги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар белгиланишини, имтиёзлар тўлиқ ёки қисман бекор қилинишини, солиқ солинадиган база оширилишини назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари улар расмий эълон қилинган пайтдан эътиборан камида уч ой ўтгач, амалга киритилади.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкалари ўзгартирилишини назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, агар уларда кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, улар расмий эълон қилинган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан эътиборан амалга киритилади.

Ушбу модданинг бешинчи ва олтинчи қисмларида кўрсатилмаган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

4-модда. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномалар

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

5-модда. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг принциплари

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари солиқ солишнинг мажбурийлиги, аниқлиги, адолатлилиги, солиқ тизимининг ягоналиги, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ошкоралиги ва солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципларига асосланади.

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қоидалари ушбу Кодексда белгиланган принципларга зид бўлиши мумкин эмас.

6-модда. Солиқ солишнинг мажбурийлиги принципи

Ҳар бир шахс ушбу Кодексда белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаши шарт.

Ҳеч кимнинг зиммасига ушбу Кодексда назарда тутилмаган ёки унинг нормалари бузилган ҳолда белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти юклатилиши мумкин эмас.

7-модда. Солиқ солишнинг аниқлиги принципи

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар аниқ бўлиши керак. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳар бир солиқ тўловчи қайси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни,

қачон, қанча миқдорда ҳамда қай тартибда тўлаши кераклигини аниқ биладиган тарзда ифодаланган бўлиши керак.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни белгилашда, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчилар, шунингдек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг элементлари аниқланган бўлиши керак.

8-модда. Солиқ солишнинг адолатлилиги принципи

Солиқ солиш умумийдир.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзларни белгилаш ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши керак. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича якка тартибдаги хусусиятга эга бўлган имтиёзлар берилишига йўл қўйилмайди.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар камситиш хусусиятига эга бўлиши мумкин эмас ҳамда ижтимоий, ирқий, миллий, диний ва бошқа шу каби мезонлардан келиб чиққан ҳолда қўлланилиши мумкин эмас.

9-модда. Солиқ тизимининг ягоналиги принципи

Солиқ тизими Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида барча солиқ тўловчиларга нисбатан ягонадир.

Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудуди доирасида товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ёки молиявий маблағларнинг эркин муомалада бўлишини бевосита ёки билвосита чеклаб қўядиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар белгиланишига йўл қўйилмайди.

10-модда. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ошкоралиги принципи

Солиқ солиш масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий нашрларда эълон қилиниши шарт. Барчанинг эътибори учун расмий эълон қилинмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар кучга киритилмаган ҳужжат сифатида ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди ва солиқ соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга, улардаги кўрсатмалар бажарилмаганлиги учун бирон бир санкцияни қўллашга асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.

11-модда. Солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципи

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин қилинади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *